Қисқа сатрларда

«Объект нега бузиб ташланади?»

Поплик тадбиркор эҳтиёжманд оила фарзандлари учун бепул боғча ташкил этди

Янгиланаётган Янгиқўрғон

Қонунчиликдаги ўзгариш суд муҳокамаларида масофадан иштирок этиш учун қулай шароитлар яратади

Коррупция – давлат ва жамият тараққиётининг кушандаси

01 May, 2025, 08:04

Иқтисодиёт

Янгиланаётган Янгиқўрғон

  • 26.Апреля.2025
  • 12

Янгиқўрғон унумдор тупроғи, мўътадил иқлими, мафтункор табиати, сархил мева-ю сабзавотлари, энг асосийси, меҳнаткаш ва танти бободеҳқонлари билан машҳур. Туманда бугун барча соҳаларда янги ютуқ ва марраларга эришилмоқда. Айниқса, бунёдкорлик, ободонлаштириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли турмуш даражасини ошириш, туризмни ривожлантириш, хизмат кўрсатиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати ташаббуси билан Янгиқўрғон туман ҳокимлиги  ҳамкорлигида ўтказилган пресс-турда оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар тумандаги қайноқ жараёнлар билан яқиндан таништирилди.

4 минг 711 киши истиқомат қиладиган Баркамол маҳалласининг ўсиш нуқтаси иссиқхона хўжалиги ва тикувчилик ҳисобланиб, 795 хонадондаги 1 минг 287 оиланинг аксарияти доимий даромад манбаига эга. 22 хонадондаги иссиқхона йилига 20-30 миллион сўм даромад келтирмоқда. Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Олимжон Тошпўлатов бошчилигидаги «маҳалла еттилиги» саъй-ҳаракатлари билан маҳалла янада обод ва кўркам қиёфага кирмоқда.

Одамларнинг уюшқоқлиги ва аҳиллиги натижасида «Ташаббусли бюджет» дастурида кетма-кет икки марта ғолиблик қўлга киритилиб, 2,6 миллиард сўмга 6 километр йўл асфальтланди. Қолаверса, давлат дастури доирасида эса 1,5 километр асфальт йўл барпо бўлди.

Халқаро «ОPЕK» жамғармаси кўмагида 8 километр ичимлик суви тармоғи янгиланиб, 600 хонадон доимий ва сифатли оби-ҳаётдан баҳраманд бўлди.

Ровут маҳалласидаги Соҳибкор кўчасининг илғор гулчиси Раҳмонжон Усмонов ота-боболарининг гул етиштириш анъанасини замонавий ёндашувлар асосида давом эттириб, олти ярим сотихда 50 дан ортиқ турдаги гулларни етиштирмоқда. Голландия ва Хитойдан келтирилган валачак, фелоргония каби ноёб навлари шулар жумласидан. Бу ерда саккиз киши доимий иш ўрнига эга.  Даромади йилига 100 миллион сўмдан зиёд.

Туризм қўмитаси томонидан Нанай қишлоғига водийда биринчи бўлиб «Туризм қишлоғи» мақоми берилди.

«Кўксарой сайёҳ» МЧЖ томонидан осма кўприк, дор йўли ҳамда ёзги сирпанчиқ йўлакчаси йўлга қўйилди. Шунингдек, инвестиция дастурига асосан Дўстлик ва Сойбўйи маҳаллаларидан оқиб ўтувчи Подшоотасой қирғоқларида 3,7 миллиард сўм ҳисобига 1,3 километр саломатлик йўлакчалари бунёд этилди. 22 та сунъий шаршара эса қишлоқнинг туристик жозибасини янада оширмоқда.

Дўстлик маҳалласидаги Соҳил кўчасининг 1,5 километр қисми туну-кун ишлайдиган кўчага айлантирилмоқда. Бунинг учун тегишли лойиҳага 2 миллиард сўм маблағ сарфланмоқда.

Тадбиркор Жамшидбек Ҳасанов 3 миллиард сўм маблағ сарфлаб, ўз номига муносиб «Арчазор»ни барпо этди. Айни вақтда ушбу масканда 15 киши астойдил меҳнат қиляпти.

Ишбилармон Шуҳрат Салоҳиддинов ҳамда Алишер Камоловлар барпо этган замонавий уй-меҳмонхоналари бугунги кунда маҳаллий ва хорижий туристлар билан гавжум.

Шунингдек, «Янгиқўрғон янги тонги» фермер хўжалигининг 10 гектар ерида интенсив усулида экилган помидор кўчатларини парваришлашда сув тежовчи технологиялар кенг жорий этилаётгани яхши самара бермоқда. Ўтган йили шу усулда 400 минг помидор ниҳоллари суғорилиб,  гектаридан 50 тонна маҳсулот олинди. Бундай эртапишар ва серҳосил навлар қайта ишланиб, тадбиркор томонидан томат ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бундай хайрли ишга йигирмага яқин ишчи жалб этилган.

Қайд этиш жоиз, Янгиқўрғон туманида 2025 йилда жами 1008 гектар ерда сув тежовчи технологиялар, шундан 350 гектарида томчилатиб, 50 гектарида ёмғирлатиб, 50 гектарида дискерт, 518 гектарида эгилувчан қувур, 40 гектарида эгатга плёнка тўшаб суғориш татбиқ этилиши режалаштирилган.

Оқилхон ДАДАБОЕВ,

«Наманган ҳақиқати» мухбири.

Ҳамдамжон МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь