ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 38331
03 August, 2025, 05:02
Бундан қарийб икки йил олдин, аниқроғи, 2023 йилнинг 22 декабрь санасида муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида республика маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши ўтказилиб, унда давлатимиз раҳбари томонидан «Миллий тарих – миллий руҳ» эзгу ғояси илгари сурилганди ва буюк аждодларимизнинг болалиги, илм ва ижод йўлидаги меҳнат машаққатларини енгиб ўтишдаги изланишларини ўрнак қилиб кўрсатиш ҳақида топшириқ ва тавсиялар берилган эди.
Мазкур топшириқ ва тавсиялар доирасида республика Маънавият ва маърифат маркази ташаббуси билан «Ўзбекистон тарихи» телеканали ҳамда Фанлар академияси ҳамкорлигида «Буюклар ҳақида 100 та далил» китоби чоп этилди. Аллома боболаримиз Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Фаробий, Беруний, ибн Сино, Замаҳшарий, Нақшбанд, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий ҳаёт-фаолиятларига доир ўнтадан қисқа, лўнда маълумотлардан иборат далиллар жамланиб, диққатни тортадиган суратлар билан безатилган китоб саҳифалари чиндан ҳам ғоят қизиқарли дизайнга ҳам эга.
Китобнинг ҳаммабоп ва оммабоплиги ҳажмининг ихчам рисола тарзидалиги ҳамдир.
Наманган Давлат педагогика институтининг «Ренессанс» анжуманлар залида бўлиб ўтган китоб тақдимотида бошқарма, ташкилот ва таълим муассасалари раҳбарлари, профессор-ўқитувчилар талаба ёшлар Маърифат тарғиботчилар жамияти аъзолари, шоир-ёзувчи ва ОАВ вакиллари иштирок этди. Китоб тақдимоти маросимини вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий маърифий ишлар бўйича ўринбосари Отабек Бозаров кириш сўзи билан очди.
Китоб ва унинг аҳамияти ҳақида республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Мусахон Аппақов, пединститут ректори Баҳодир Ҳусанов, UBS – бизнес ва фан университети ўқитувчиси Исломжон Убайдуллаев, «Импульс+» тиббиёт институти ўқитувчиси Тоҳиржон Қозоқов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Зиёвиддин Мансуров, НамДУ доценти Мўминжон Сулаймонов, таниқли шоир-ёзувчилар Боқий Мирзо, Рустамжон Умматов, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бўлим мудири Аҳрорбек Акбаров ва бошқалар сўзга чиқиб, аждодларимиз шахси ва ижодий мероси билан боғлиқ маълумотларни кенг тарғиб этиш юзасидан ўз фикр, таклиф ва тавсияларини баён этдилар.
Вилоят театри хонандаси Ҳамиджон Маллабоев ижросидаги Навоий наволари маросимга ўзгача завқ бағишлади.
Дарҳақиқат, биз заминимиздан етишиб чиқиб, ўзининг илмий кашфиётлари билан башар фарзандига айланган, бугун ҳам рўйи заминдаги бутун инсониятга наф келтираётган аллома аждодларимиз билан ғурурланиш асосида уларнинг фазилатларини ўзимизда, хусусан, авлодларимизда шакллантиришимиз зарур. Китобдан ўрин олган «кишилик тараққиётига тенгсиз таъсир кўрсатган, Иккинчи уйғониш даври –темурийлар олтин даврининг пойдеворини қўйган биргина Соҳибқирон Амир Темур ҳақидаги далиллар ҳам бугунги авлодларга-да ибрат намунаси. Биламизки, буюк салтанат асосчиси Темур Тарағайнинг умри деярли ҳарбий юришларда ўтган. Шундоқ бўлса-да, у зот оиласига, раъият маърифатига, фарзандлар тарбиясига алоҳида вақт ажратиб, эътибор қаратган. Буюк саркарда оталик мақоми билан ўғил-қизларининг ахлоқ-одоби ва илм олишларига жиддий муносабатда бўлган.
Бизлар-чи, шундоқ тинчлик замонида турмушимиз кескин маданийлашиб, рўзғорларимиз фаровонлашган бир паллада кундалик юмушларимиз билан боғлиқ чоп-чоплар оралатиб фарзандларимиз тарбиясига етарли даражада эътибор қарата оляпмизми?! «Буюклар ҳақида 100 та далил» китоби ана шундай мулоҳаза қилишга, ўз машғуллигимизни танқидий кўз билан таҳлил қилишга ундайди.
Демак, мазкур китобни кенг тарғиб қилишимиз, уни ўқиб, уқишни, ҳаётимизга тадбиқ қилиш чораларини кўришимиз зарур.
Расулбек УММАТОВ,
РМММ Чортоқ туман бўлинмаси раҳбари.
Носиржон ДЕҲҚОНОВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раиси.
Copyright © 2025 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти