Қисқа сатрларда

Янгиқўрғон волейболчилари: халқаро майдон сари қадам

«Буюклар ҳақида 100 та далил» китоби нашр этилди

Юлдуз Юлдашева: «Мен учун вақтнинг қиймати баланд»

Синовларда синалган Умида

Бу йил Наманганда 48 мингга яқин абитуриент синовдан ўтади

03 August, 2025, 05:19

Жамият

Бу йил Наманганда 48 мингга яқин абитуриент синовдан ўтади

  • 14.Июля.2025
  • 96

Юртимиздаги барча олий таълим муассасаларига кириш учун тест синовлари вилоятимизда ҳам қизғин руҳда бошланди. 

Мазкур жараёнларга алоҳида тайёргарлик кўрилди. Хусусан, 2025/2026 ўқув йили қабулини юқори савияда ўтказиш мақсадида абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарини қизиқтирган саволларига тезкор жавоб беришини таъминлаш мақсадида тўртта давлат ва бешта нодавлат олийгоҳларида учун “Call center” ва маслаҳат марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Уларда бир вақтнинг ўзида камида бешта телефон рақамлари орқали қўнғироқларга жавоб қайтарилди. Ҳар бир олий ўқув юртининг веб-сайтида “Қабул-2025” бўлими очилиб, унда абитуриентларни қизиқтирган маълумотлар акс эттирилди.

Тест синовлари Наманган давлат техника университети ва унинг қошидаги академик лицей спорт заллари, Наманган Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази ҳамда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги биносининг ёпиқ иншоотларида уюштирилмоқда. 23 июлга қадар давом этадиган имтиҳон кунига икки сменада соат 08:00да ва 15:00да бошланади. Ҳар бир сменада 80 та гуруҳ ва 2400 нафар абитуриент, бир кунда эса 160 та гуруҳ ва 4800 нафар абитуриент тест синовида иштирок этади.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари Отабек Бозоров тегишли олий таълим муассалари ҳамда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги мутасаддилари ҳамроҳлигида тест синовлари ўтаётган объектларда бўлиб, жараёнларни боришини кўздан кечирди. Масъуллар ва назоратчиларга имтиҳонларни юқори савияда ўтказиш юзасидан тавсиялар берди.

Вилоят ички ишлар идоралари ва Миллий гвардия ходимлари жамоат тартибини сақлашга масъуллик қилмоқда. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан бириктирилган тиббиёт бригадаси ҳам имтиҳонлар бўлаётган обеъктларда хизмат фаолиятини юритмоқда.

Тест синовларини адолатли ва шаффоф руҳда ўтказиш мақсадида имтиҳонларга олий ва профессионал ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари ҳамда мактаб таълими муассасаларининг муаллимлардан иборат назоратчилар жалб этилиб, улар жараёнларни диққат билан назорат қилиб бормоқда.

Қайд этиш жоиз, Наманган давлат техника университети спорт зали эрта тонгдан талаба бўлиш орзусидаги ёшлар ва уларнинг ота-оналари билан гавжум бўлди. Биринчи сменада дастлабки тестга етиб келган икки юзга яқин абитуриент саккизта гуруҳга шаклланган ҳолда синовларни топширишга кирди. Ҳар бир смена учун олийгоҳнинг ўзида 240 та, академик лицей биносида эса 480 та ўрин ҳозирланган.

– Университетимизнинг ўзида ташкил этилган махсус кутиш жойида ота-оналар ўз фарзандларини тест топшириш жараёнини иккита катта экран орқали тўғридан-тўғри кузатиб бормоқда. Бу ерда ота-оналар ва абитуриентларга янада қулайликлар яратиш мақсадида университет фаол ёшларидан иборат “Волонтёрлар гуруҳи” фаол иш олиб бормоқда, – дейди олийгоҳ қабул комиссияси масъул котиби Файзулло Нишонов. – Мазкур гуруҳ абитуриентларнинг ота-оналари ва яқинлари билан суҳбатлар олиб боради, тест жараёнларини юқори савия ўтказилишига кўмаклашади. Шунингдек, маданий тадбирлар уюштиради, она-оналар учун кутиш жойларида зарурий шароитларни ташкил этишга хизмат қилади.

– Элимизга манфаати етиши учун уч нафар қизимни вояга етказдим. Бугун нафақат ўртанча болам, балки мен учун ҳам унутилмас ҳаяжонли кун. Ҳуқуқшунос бўлиш истагидаги фарзандим Гулёра Назаралиева тест синовларини кўплаб омадли тенгқурлари қатори ёруғ юз билан топшириб чиқишини тарафдориман, – дейди Норин тумани Ҳаққулобод шаҳарчасида яшовчи Нозимжон Эшқўзиев. – Катта қизим ҳозирда Тошкент давлат юридик универсетининг илк босқичини тамомлади. Синглиси ҳам унинг изидан борди. Кенжам эса Президент мактабининг 6-синфига кўчди. Болажонларимдан умидим катта, улар Янги Ўзбекистоннинг бунёдкорлари бўлишлари зарур. Айтганча, университетда биз ота-оналар учун қулай шароитлар яратилгани таҳсинга сазовор. Салқин ичимликми, озиқ-овқат маҳсулотлари, дейсизми, бари савдо растасида муҳайё. Камерадан эса жараёнларни шаффоф кечаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз.

Дарвоқе, вилоятимиздаги тест синовлари бўлаётган биноларга еттита шахсни аниқловчи идентификация қурилмаси, бешта 360 (айланма) видеокамераси, 82 та стационар видеокамера мосламаси ва еттита эфирга узатувчи камералар билан жиҳозланди. 

Маълумот ўрнида, янги - 2025/2026 ўқув йили учун тест топшириш ҳудудини Наманган вилояти деб белгилаган, жорий йилнинг 5 июнидан 25 июнига қадар Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг my.uzbmb.uz платформаси рўйхатидан ўтган абитуриентлар сони 47 минг 769 нафарни ташкил этмоқда.

Оқилхон ДАДАБОЕВ,
“Наманган ҳақиқати” мухбири. 
Муаллиф олган суратлар.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь