Қисқа сатрларда

«Объект нега бузиб ташланади?»

Поплик тадбиркор эҳтиёжманд оила фарзандлари учун бепул боғча ташкил этди

Янгиланаётган Янгиқўрғон

Қонунчиликдаги ўзгариш суд муҳокамаларида масофадан иштирок этиш учун қулай шароитлар яратади

Коррупция – давлат ва жамият тараққиётининг кушандаси

01 May, 2025, 08:24

Жамият

«Объект нега бузиб ташланади?»

  • 27.Апреля.2025
  • 33

Мамлакатимизда иқтисодиётнинг ҳар бир жабҳасида кенг кўламли қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда ва соҳада ишларнинг ҳажми йилдан-йилга ўсмоқда. Шу билан бирга бино ва иншоотларни хавфсиз ҳамда белгиланган меъёр-у талабларга риоя қилган ҳолда барпо қилиниши устувор ҳамда масъулиятли вазифадир.

Мухбиримиз мавзу юзасидан вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси бошлиғи  Муроджон НЕЪМАТОВ билан суҳбатлашди.

– Муроджон Бахтиёрович, кенг кўламли қурилишлар жараёни доимий назоратда эканлиги бино ва иншоотларнинг сифат ва мустаҳкамлигига кафолат бўлади, дейиш мумкинми?

– Юртимизнинг деярли ҳар бир кўчасида қурилиш қилаётган хонадонларга кўзингиз тушади. Замонавий таълим, маҳалла ва ҳуқуқ-тартибот масканлари, тиббиёт  муассасалари каби қатор хизмат кўрсатиш шохобчалари, кўп қаватли тураржой бинолари, янги йўл ва кўприклар қурилаётгани, сув ва электр тармоқлари тортилаётганига гувоҳ бўламиз.

Лекин ҳар қандай бино-иншоот қурилиши, унинг хавфсиз ва меёрлар асосида битказилиши доимий ва халқимизга узоқ вақт ҳамда барқарор хизмат қилиши масаласи назоратда эканлигини унутмаслик керак.

Бу борада 2024 йилда инспекциямиз рўйхатидан ўтган жами 1536 та қурилиш объектида назорат ишлари амалга оширилди. «Қурилишда давлат назорати» шаффоф электрон тизими орқали 15130 марта мониторинг ўтказилди. Қурувчи ва пудратчи ташкилот мутасаддиларига йўл қўйилган камчиликлар бўйича 20952 та бажарилиши мажбурий кўрсатма берилди ва 20401 таси ўз вақтида бартараф этилди. Лоқайд ва беписанд 551 та шаҳарсозлик субъектининг мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, жарима тайинланди.

– Қурилишда фойдаланилаётган хомашёларнинг сифати меъёрий талабларга мувофиқми?

– Афсуски, бу саволга «ҳа, ҳаммаси сифатли» деб жавоб беролмаймиз. Сифациз материаллар ва буюмларнинг қўлланилаётганлиги ҳолатлари бўйича ишлаб чиқарувчиларга, етказиб берувчи ва фойдаланувчи субъектларга нисбатан 47 та тақдимнома киритилди.

Президентимиз томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида 2025 йилда дастурлар доирасидаги қурилиш ишлари салмоғи янада ошиши таъкидлаб ўтилди. Шундай экан ҳар бир бино-иншоотни пойдеворидан бошлаб пардозига қадар сифатли бўлишини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. Бинобарин, соҳада назоратни кучайтириб, шаффофликни таъминлашни асосий мақсад ва бош мезон қилганмиз.

– Ваколатли бошқарма томонидан берилган – бажарилиши мажбур бўлган кўрсатмаларни менсимаслик ортидан пайсалга солиш ҳолатларига нисбатан зарур чоралар кўриляптими?

– Амалдаги қонунни писанд қилмаслик содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг асосини ташкил қилмоқда, десак тўғри бўлади. Ҳолбуки, ҳар қандай қонунбузилишларга нисбатан тегишлича жазо ҳам муқаррар эканлигини унутмаслигимиз керак. Шу нуқтаи назардан, берилган ёзма кўрсатмаларнинг ижросини ўз вақтида таъминланмаганлиги сабабли, «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги Кодекснинг 99-моддаси (шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликни бузиш)га асосан жами 551 та маъмурий чоралар қўлланилган. Шулар қаторида, лицензия ва рухсат берувчи ҳужжатларни бекор қилиш ва тўхтатиб туриш бўйича 18 та тақдимнома тегишли ташкилотларга чиқарилган.

Булардан ташқари, қурилиш объектларида сифациз қурилиш материаллари  қўлланилиши юзасидан 47 та ҳолатда тегишли орган ва ташкилотларга тақдимномалар киритилди.

– Айрим объектлар буздириб ташланяпти. Буни нима билан изоҳлаш мумкин?

– Бу ўринда аввало, «нега бузиб ташланди?» деган саволга жавоб топиб, кейин бир жўяли хулоса қилинса айни муддао бўларди. Чунки ҳар қандай ўзбошимчаликка нисбатан қонун талаблари доирасида чоралар кўрилиши белгилаб қўйилганлигини унутиш ёки тан олмаслик жавобгарликни истисно қилмайди асло. Масалан, шаҳарсозлик норма ва қоидаларига зид равишда қурилган объектларни бузиш юзасидан туманлараро иқтисодий ҳамда фуқаролик судларига жами 27 та даъво аризаси киритилгани ҳам бежизгамас! Яъни, мазкур даъво аризаларнинг 19 таси судлар томонидан қаноатлантирилди ва 3 та ҳолатда даъво рад қилинди.

– Аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурларининг бажарилишидан кўнгил тўладими?

– Бу борада вилоятда 152 та 7200 хонадонли уй-жой қурилиши режалаштирилгани ҳолда, амалда 5853 хонадонли 142 та уй фойдаланишга топширилди. Жорий йилда ҳам вилоятда аҳолини уй-жойга бўлган талабини қондириш мақсадида 8500 хонадонли 170 та кўп қаватли уй-жойларни қуриб фойдаланишга топшириш белгиланган.

Бундан ташқари кўп қаватли уй-жойларни бошқариш ва уларни экспулутация қилиш ишларини назорати натижасида 349 та қонун бузилиши ҳолатлари аниқланиб, 107 та қурилма ихтиёрий равишда бартараф қилинди. 73 та мулкдорга нисбатан 490,8 миллион сўмлик жарималар қўлланилди.

– Бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлилигини таъминлаш ва хавфни мониторинг қилиш натижалари қандай?

– Бинобарин, сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасига замонавий ёндашувларни жорий қилиш, бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини янада ошириш долзарб масалалар сирасидандир. Айнан шу мақсадда 1476 та кўп квартирали уй-жой Pasportbino.uz платформасига киритилди.

Янги Наманган туманида 2 та, Чуст туманидаги 1 та ва Косонсой туманидаги 2 та ҳамда Уйчи туманидаги 1 та кўп қаватли турар жой инструментал техник текширув талаб этиладиган уйлар сифатида рўйхатга олинди. Зилзилабардошлилик мониторинги натижасида 15 та ҳолатда мулкдорларга нисбатан маъмурий жарималар қўлланилиб, мажбурий тартибда бартараф қилиш бўйича туманлараро фуқаролик судларига даъво аризалар киритиш ишлари амалга оширилмоқда.

– Сиз юқорида рўйхатдан ўтмаган қурилиш объектлари ҳақида сўз юритдингиз. Шу ҳақда ҳам батафсил маълумот берсангиз?

– Рўйхатдан ўтмасдан амалга оширилаётган қурилиш-монтаж ишлари сифатини аниқлаш бўйича ўтказилган бир қатор мониторинглар мобайнида 150 та рўйхатдан ўтмаган объект аниқланди. 146 нафар жисмоний ва юридик шахсга нисбатан «Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида»ги Кодекснинг 99-моддасига биноан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. Ва яна 135 та объект инструментал-техник текширувдан ўтказишга йўналтирилди. Суд органларига 23 та даъво аризалари киритилди. Яъни, 150 та объектдан 132 таси Ҳудудий инспекция рўйхатидан ўтказилиб, 18 та объектни буздириш бўйича даъво аризалари судга тақдим қилинди.

– Фуқаролардан мурожаатлар ҳам бўлаётгандир?

– Албатта. Ўтган йили жисмоний ва юридик шахслар томонидан 71 та ёзма ва 216 та электрон шаклдаги мурожаат келиб тушган. Барчаси белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, 91 таси ижобий ҳал этилди, 179 тасига тушунтиришлар берилди. 17 таси бошқа ташкилотларга йўналтирилди.

2025 йилда 10 та электрон шаклдаги мурожаат белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, 1 таси ижобий ҳал этилди, 1 тасига тушунтириш берилди ва 8 таси бошқа ташкилотларга йўналтирилди.

Хулоса шуки, қурилаётган бино ва иншоотларнинг ҳар жиҳатдан сифатли барпо этилишини ва фойдаланилиши устидан назорат ишларини ваколатимиз доирасида бундан буён ҳам янада масъулият билан давом эттиришни мақсад қилганмиз.

– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.

 Муҳиддин МАҒЗУМОВ суҳбатлашди.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь