ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 38027
18 June, 2025, 09:35
Бундан бир ой аввал муқаддас сафарга отланган Наманган вилояти зиёратчилари Ҳаж зиёратини ёруғ юз билан, мукаммал тарзда адо этдилар.
Мамлакатимизда диний бағрикенгликни таъминлашга қаратаётган давлат сиёсати натижаларидан баҳраманд бўлган ҳожиларимиз юртимизга шукроналик кайфиятида қайтишмоқда.
Водий ҳаво дарвозаси – Наманган халқаро аэропортида зиёратчиларни кутиб олиш учун барча шарт-шароитлар ҳозирланди. Саудия Арабистонининг Жидда шаҳридан парвозга кўтарилган "Uzbekistan Airways" авиакомпаниясининг ҳаво кемаси 245 нафар наманганлик зиёратчини юртимизга олиб келди.
Нурли юзлари, шукрона кўзларида Ватан соғинчи уфуриб турган ҳожилар жамоасини вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ва тегишли масъул ташкилотлар мутасаддилари, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари тантанали кутиб олди.
Наманган туманидаги Муллакудинг қишлоғининг пиру бадавлат нуронийси, маърифатпарвар аллома Исҳоқхон тўра Ибрат авлодининг давомчиларидан бири, қарийб эллик йил давомида коммунал хизмат кўрсатиш идорасида оддий ишчи бўлиб ҳалол меҳнат қилган 108 ёшли Иброҳим ота Хўжаевнинг қалб қўридан чиққан миннатдорлик изҳорига тўла дуолари барчани мамнун этди.
Эътироф этиш жоизки, ҳожиларимиз муборак заминда Аллоҳнинг фарзи бўлган Ҳаж амалини чиройли адо этишди. Мамлакатимиз ҳукумати томонидан фуқароларни Ҳаж зиёратига тайёрлаш, жўнатиш, муқаддас сафардаги амалларни бажариш, тиббий ва бошқа хизматларни кўрсатиш ҳамда она Ватанимизга қайтиш билан боғлиқ жараёнларда юксак даражада қулайликлар юзга келтирилди. Ўз навбатида, бу йилги Ҳаж мавсуми давомида юртимиз мўмин-мусулмонларига Мадинаи мунаввара ва Маккаи мукаррама шаҳарларида яратилган шарт-шароитларга кўплаб мусулмон давлатларнинг ҳаваси келди. Айниқса, Ўзбекистон Президентининг зиёрат давомида муфтий ҳазратлари билан телефон орқали мулоқот қилиб, ўз фуқароларидан ҳол сўрагани хорижий оммавий ахборот воситаларининг назарига тушди.
Зиёратчиларимиз Маккадан соғ-саломат қайтишгани ва яқинлари дийдорига етишгани учун шукрона келтириш асносида, халқимиз фаровонлиги, давлатимиз раҳбари бошчилигида олиб борилаётган ишларни янада хайрли бўлишини сўраб, дуолар қилишди. Эндиликда ҳожилик бахтига муяссар бўлган ҳамюртларимиз жамиятда барчага ўрнак бўлиб, ёш ўғил-қизларни илму маърифатга чақириш, одамларни савобли юмушларга чорлаш, оилаларда соғлом ахлоқий муҳитни қарор топтириш ва эҳтиёжманд кишиларга ёрдам қўлини чўзишда ташаббус кўрсатадилар.
– Узоқ йиллардан буён турмуш ўртоғим билан биргаликда тиббиёт соҳасида меҳнат қилиб келмоқдамиз. Яратганга шукр, насибамиз қўшилиб, аёлим билан биргаликда Ҳаж зиёратини бажариш насиб этди, – дейди Наманган туманидаги “Erkinjon medical” колопроктология шифохонаси олий тоифали врачи Нурилло Эргашев. – Муаззам манзилларда бизга яратилган шароитлар кутганимиздан-да аъло даражада бўлгани учун ҳам муборак амалларни холис ниятда бекаму кўст бажардик. Аслида, ҳожилик рутбасиданда кўра, шу мақомга бир умр содиқ туриш мушкул. Биз Президентимизнинг ғамхўрликларига жавобан, эндиликда ўз ҳудудимизда маҳалладошлар ва ҳамкасбларимизни эзгуликка эргаштириб, Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги, оилалар мустаҳкамлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшамиз.
Аэропортдаги кутиб олиш маросимидан сўнг ҳожиларнинг илк гуруҳи махсус бириктирилган шинам автобусларда яшаш ҳудудлари – Наманган, Учқўрғон ва Поп туманларига кузатиб қўйилди.
Маълумот ўрнида, “Ҳаж-2025” дастури доирасида 1648 нафар наманганлик ҳамюртимиз муқаддас амалларни бажарди. Зиёратчилар шу йилнинг 24 июнига қадар Ўзбекистон ва Саудия Арабистони авиакомпанияларининг жами 9 та рейсида "Жидда-Наманган" йўналиши бўйича Ватанимизга қайтадилар.
Ҳожиларни кутиб олиш маросимида вилоят ҳокимининг ўринбосари Жамшид Ҳотамов, Наманган шаҳри ҳокими Анвар Отахўжаев иштирок этди.
Оқилхон ДАДАБОЕВ.
Copyright © 2025 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти