ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 38324
03 August, 2025, 05:50
Суҳбатдошимиз – Умида Қўшоқова 1980 йилда Андижон вилоятида туғилган. Ўз фаолиятини 2000 йилда «Камолот» газетасида мухбирликдан бошлаган. Айни пайтда вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси ахборот хизмати шуъбаси бош мутахассиси ва «Севимли» телеканалининг вилоятдаги мухбири.
– Умида, илк фаолиятни босма нашрдан бошлагансиз. Тележурналист сифатида босма нашрдаги илк фаолият, хотиралар ҳақида нима дея оласиз?
– Биз тенги ёшлар илк бора таҳририятда иш бошлаган пайтларимизда ойлик маошимиз жуда оз бўлган. Қишлоққа бориб-келиш ҳаражатлари ва шаҳарда квартирада ижарада яшаш зиммамда бўлган. Сабаби онамга оғирлигимни туширгим келмасди. «Аёл ва жамият» газетасида ишлайдиган дугонам билан ижарага уй тополмаганмиз, ҳар куни ходимлар ишдан кетгач, гўёки мен ҳам ишдан кетгандек кўчага чиқардим-да дугонам келишини кутардим. У келгач, «Чорсу» бозордан олма ва битта нон олиб, шомдан кейин иккимиз таҳририятга келардик. Бозорлигимиз билан қоринни тўқлаб, стулларни бирлаштириб, тонг оттирардик. Эрталаб барвақт туриб, иккимиз ҳам ишимизга кетардик.
Ёшликнинг ўзига хос қийинчиликлари ҳақида эсласам, синовли кунлар бизни тарбиялаган экан... Тобландим, пишдим, у кунлар мени ҳар қандай шароитда ҳам инсоний фазилатларни йўқотмаслик кераклигига ўргатди. Бу каби синовлар инсон қаддини эгмаслиги керак, сабр ва бардош билан маррага етиш мумкин.
– Лавҳаларингизни кузатсак, қаҳрамонларингизнинг аксарияти оддий одамлар, уларни қийнаётган муаммоларга кўпроқ аҳамият қаратасиз...
– Оддий, меҳнаткаш юртдошларимни қийнаётган муаммолар, айниқса, олис қишлоқлардаги инсонларнинг ҳаёт тарзи, юмушлари ҳақида лавҳалар тайёрлаб, аввало бундан ўзим мазза қиламан. Одамлар ҳақиқатни яхши кўрадилар. Қолаверса, ўзим ҳам бир хил қолипда режага тушиб ишлашни ёқтирмайман. Борган жойимдаги вазиятдан келиб чиқиб, материалимга руҳ, жон бераман. Негадир баландпарвоз сўзларни ишлатсам ўзимни ноқулай ҳис қиламан.
Оддийликни севганим учунми, юртимизда жуда катта ўзгаришлар, ислоҳотлар жараён-ларини ҳам соддароқ, халқона тушунтиришга ҳаракат қиламан.
Журналистнинг ўз сўзи, услуби бўлиши керак. Айниқса, тележурналистнинг ўз позицияси бўлиши шарт. Пул учун ҳали уни мақтаб, буни ёмонлаб.... йўқ! Унда нафақат обрўйингизни тўкасиз, балки соҳага ҳам путур етказасиз.
– Газета таҳририяти ижодкор учун маҳорат мактаби вазифасини ўтайди, шундай эмасми?
– Фаолиятимни газетада котибаликдан бошлаб, тобланганман. У пайтларда компьютер ўрнига машинка бўларди, қоғозда қўлда қоралаб, ёзилган мақолаларни шу машинкада терардим. Таҳририятга келган шеър дейсизми, қатра, ҳикоя, мақолалар котиба қўлидан ўтгани учун барчасини ўқиб чиқардим, лозим пайтида бироз таҳрирлаб, тўғрилаб ҳам кетардим. Мендан кейин муҳаррир қандай камчиликларини топиб тузатиш киритган бўлса, синчковлик билан хулоса қилардим. Газета чоп этилгунгача мақолалар бир неча бор таҳрир қилинарди, чоп этилгач, яна мутолаа қилардим. Айтмоқчи бўлганим, ўша пайтдаги тенгдошларимиз бадиий китоблар, газеталар ўқирди. Бу тарбиямизда, юриш-туришимизда аксини берарди, катталарга ҳурматда бўлардик.
Интернет кириб келиши газеталарни жар ёқасига келтирди дейишади, аслида айрим инсонларнинг ўзи жар ёқасига келди. Боиси ҳозир ҳам оз бўлса-да китоб ўқийдиган, газета-журнал варақлайдиганлар бор.
Таҳририятда олган сабоқларим кейинги фаолиятимда керак бўлди.
– Соҳага кириб келаётган ёшлар ҳақида фикрингиз...
– Айрим ёшлар манманликка берилган, улар касбга осон эришиш, бойлик ҳақида кўпроқ ўйлайдилар. Энди фаолият бошлаган бўлсалар-да, кўпчилигининг юлдузлик касалига чалиниши, инстаграм ва бошқа тармоқлар учун қандайдир контент қилса ёки мурожаатларни олиб чиқса, ўзини етук ижодкор деб билиши хавотирлантиради. Одамлар орасида сўз қадри тушиб кетаётгандек.
Ҳар бир соҳада устозлар, соҳа мактабининг аҳамияти катта деб биламан.
– Тележурналистикадаги илк фаолиятингиз қандай кечди?
– 2007-2013 йилларда «Шарқ» хусусий телевидениесида ишлаб юрган пайтларимиз эсда қоларли бўлди. Ўзига яраша қийинчиликлар ҳам бўлган. Кассеталар қишнинг совуғида ёзмай қоларди, шунинг учун қўлда олиб иситардик, видеотасвирлар рангини созлашда қийналардик, эски компьютерлар... Ойлигимиз ҳафталик бўларди. Нодавлат телевидение бўлгани учун раҳбарнинг ўзи лозим топган ойликка рози бўлиб ишладик. Бу қийинчиликларни ўша вақтда мен билан бирга ишлаган кўп ҳамкасблар бошдан ўтказганмиз. Камера, штативларни кўтариб шаҳарда съёмка бўлса, пиёда борардик, бир кунда 4-5 километрлаб юрган вақтларимиз бўларди.
Афсуски, ҳозир шароитлар яхши бўлса-да, дангасалик қилиб қоламан.
– Журналист қандай бўлиши керак?
– Ҳақиқий журналист соҳага бой бўламан деб кирмайди. Афсуски, ҳозир ундай эмас. Телеграмм канал очиб, 400-500 та обуначи тўплаб олиб, танқидий мурожаатларни жойлаб, ўчириб бериш ёки бирор бир ташкилот фаолиятини мақташ эвазига пул топаётганлар бор.
Журналист доим ҳақиқат томонида туриши шарт. Журъат, жасорат ва маҳорат уйғун бўлиши керак. Ўзи тайёрлаётган маҳсулотга бор меҳрини, ижодий салоҳиятини бахш эта олсин.
– Танқидий лавҳаларингизга муносабат қандай бўлади? Вазиятдан қандай чиқасиз?
– Танқидий-таҳлилий лавҳаларимда аяб ўтирмайман, фақат кимнидир шахсиятига тегмайман. Ҳар бир кишининг шахсий ҳаёти бор ва буни қаттиқ ҳурмат қиламан. Тўғри, касбим туфайли кўпчиликни ранжитганман, танқидчи деган дашномларни ҳам эшитганман. Майли дейман, баъзан кулиб қўяман, баъзан ич-ичимдан хафа ҳам бўламан. Бироқ чиқишим туфайли вазият ижобий ечим топса, фуқароларнинг оғири енгил бўлса, мушкули ечилса – ҳаммаси ўтиб кетади.
– Бугун нималар ҳақида кўп ўйлайсиз?
– Андижондан Наманганга кўчиб келганмиз. Раҳматли дадамнинг оламдан ўтиши бизни сарсонлик ва қийинчилик кунларимизга эшик очган. Онам айтади, қўлларида гўдак бўлган эканман. Куз ёки баҳор ёмғири... аниқ эслолмайдилар. Андижондан келиб, маҳалладаги бир оиланинг бир хоналик эски кулбасида яшаган эканмиз. Ёмғир шаррос қуйгач, уй ичи кўлмакка тўлган экан. Онам мени шамоллаб қолмасин, деб уйнинг токчасига кўрпача солиб, ўша ерда ҳафталаб боққан эканлар. Устига устак, дадамнинг вафоти куйигида сутлари қочган, мени печенье билан боқиб, аранг катта қилаётган паллалари бўлган экан.
Оилада онам бизни ёлғиз ўзи боққан. Шу сабаб онамнинг қийинчиликларини кўриб, доим ўзим ҳам камхарж бўлганман. Ортиқча сайрларга, гап-гаштакка, дугоналар билан юришга, кийинишга аввало хоҳишим, кейин вақтим ва ортиқча пулим ҳам бўлмаган.
Бугун ўзимга ўзим, сабр қилсангиз ҳаммаси бўларкан, дея оламан.
– Ишларингизга ривож, ижодий парвозлар тилайман. Суҳбат учун ташаккур.
Гулчеҳра БУВАМИРЗАЕВА суҳбатлашди.
Copyright © 2025 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти