Қисқа сатрларда

Ҳожилик мақоми муборак бўлсин!

Туман ҳокимининг ер ажратиш қароридаги хатоликларни тўғрилаш мумкинми?

Помидор кўчати парвариши

Сабзавотчиликда алмашлаб экиш

Поп туманига янги ҳоким тайинланди

18 June, 2025, 10:35

Жамият

«Сўнгги қўнғироқ»нинг сўнгсиз харажатлари

  • 14.Мая.2025
  • 509

Сартарошхонада навбат кутиб ўтирибмиз. Уста ва шогирд  қўли қўлига тегмай мижозларга хизмат кўрсатмоқда. Галини кутаётганлардан бири шогирддан сўради:

– Ўқишни бу йил битирасанми?

Қўлидаги қайчи ва тароқдан нигоҳини савол соҳибига бураркан шогирд  «ҳа»  мазмунидаги тасдиқ ишорасини қилди.  

– Охирги қўнғироққа тайёргарликлар қандай бўляпти?

– Бизники техникум-ку, мактабдаги тенгдош 11-синфлар астойдил ҳаракатда, – деди шогирд.

– Қанақа ҳаракат? – сўради суҳбатдош қизиқиб.

– Мактабни битираётган  таниш тенгдошларим бошдан оёқ  алоҳида кийим  харид қиларкан.

– Бунинг учун қанча пул  кетаркин? 

– Мен билганим қора костюм-шим юз доллар, оқ кўйлак ва қизил галстук ҳамда туфлига ҳам 500-600 минг сўм етади. Шуларни харид қилган ўртоғим ҳисоблаб берди.

– Нима? Кўп эмасми?!

– Ака битирув маросими  умрда бир марта бўлади-ку...

– Ўқувчи  шунча пулни қаёқдан олади?

– Ўр-тоғим ишлайди-да, дўконда савдо қилади, шогирд тушган.

– Шуни кийиш барчага мажбурийми?

– Йўқ, лекин ҳамма  бир хил кийинади-да.

– Кимнинг ташаббуси бу?

– Синфдошларнинг...

25 майдаги ғариб майллар

Икки йил аввал зарурат боис Наманган шаҳридаги мактабларнинг биридаги «сўнгги қўнғироқ»да иштирок этгандик. Ҳаммаси тизимли ва тартибли ўтиши учун аввало, тадбирга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакили бириктирилгани айни муддао бўлди. Қолаверса, мактаб ҳовлисида палапартиш гавжумликнинг олдини олиш мақсадида фақат  битирувчиларнинг ота-оналаригина махсус таклифнома воситасида таклиф қилинган ва ўқув даргоҳи ҳовлисига киришга ана шу хатга биноан йўл қўйилганди.

Эрталаб мактаб дарвозаси олдида узоқ-яқиндан келувчилар орасида амма, хола, тоға, ака, сингиллару қавм-қариндошлар тўплана бошлади. Кутилмаганда 50 ёшлар чамасидаги аёл посбонлардан дарвозани очишни талаб қила бошлади. Рухсат берилмагач,  темир панжарали дарвозани  иккита қўли билан силкитаркан «Оч эшикни, киритмасликка нима ҳаққинг бор, чақир директорингни», – деб дўқ-пўписага ўтди.

– Мумкин эмас. Таклифномани кўрсатинг, марҳамат кираверасиз. Ёки бўлмаса сабр қилинг тез фурсатда тадбир тугайди, кейин кираверасиз, – деган жавобни аёл тан олмади. Тўполонни, бақир-чақирни давом эттириб,  жиянини олдига кириб, уни табрикламоқчи эканлигини айтиб, ўшқирди. 

– Ўқув йили мобайнида бир неча марта ота-оналар мажлисига ҳатто, таклифнома бериб, чорладик, келмадиларинг-ку?! – деди ўқитувчилардан бири   «закончи» хотинга юзланиб.

Нарироқда эса қора костюм-шим кийган такасалтангнамо йигит унаштирилган битирувчи қизни машинада сайр қилдириш иддаосида ясан-тусан қилиб кепти, машина ҳам шай турибди.

Яна бошқа бир  бўлажак қайнона унаштирилган битирувчи  ўқувчини қўлига узук, бўйнига тилла занжир тақишга чоғланиб турибди.

– Шуни бир ҳафта, ўн ёки йигирма кун олдинроқ ёхуд сўнгги қўнғироқдан кейин эртасига, индинига тақсангиз ҳам бўлади-ку?! – эътироз билдирдик «бойвучча» қайнонага.

– Йўқ, синфдошлари ҳузурида  ҳозир тақишим керак, ҳамма шундай қиляпти экан...

– Кап-катта  хотин экансиз. Хўжайинингизни таниймиз – неча йилдан буён четда мардикорлик қилиб  юрибди. У жўнатган пул  ҳисобидан сиз бу ерда дабдабага рўжу қўйиб, хотин-халаж  орасида  бемаъни ҳирсу ҳавасни кўз-кўз қиляпсизми?! Қўйинг-э... Шулар бахт  беролмаслигини жуда яхши англайсизлар, бироқ... Эсизгина...

Мактабдаги «айиқлар»...

Эътибор берсак, қўлида гул, ялтироқ қоғозга ўралган совғалар  қаторида катта «айиқ»ни кўтариб олганлар ҳам анчагина эди. Булар битирувчиларга аталган муносиб совға эмиш.

Балоғат ёшидаги, мустақил ҳаёт остонасида турган қизларга «айиқ»ни совға қилишда қандай маъно-ю мазмун мужассам бўлиши мумкин?! Ахир бундай юмшоқ ўйинчоқлар ёш  болаларнинг овунчоғи эди-ку?! Ёки бўй етган қизлар ҳам... Аслида битирув ёшдагилар учун энг мақбул совға бу – китоб эмасмикин?! «АЙИҚ» – барибир ғалати-да...

Шу сўнгги қўнғироқ арафасида бозорларда «айиқ» савдоси анчагина жадаллашади. Кимнидир битирувчи қизи буюртма бергани учун, бошқаси шунга тақлид қилиб харид қилади.

– Қизим «айиқ оласиз» деганди, «ит ҳам бўлаверади» дейишяпти, – дейди  оналардан бири.

– Итдир, айиқдир барибир ҳайвон-да. Булар гўдакларнинг овунчоғи. Аммо мактабни ёки бошқа ўқув даргоҳини битираётган балоғат ёшидаги қизларга бундай эрмак ўйинчоқни совға қилишда қандай маъно-ю мантиқ мужассам?! Боз устига сотувчининг айтишича, бу юмшоқ ўйинчоқлар  «тоза хитойники» экан. «Ит»нинг кўксида «I love you» деган ёзув бор,  «айиқ»никида эса «Я тебя люблю» деб русча ёзилибди.Саволимизга жавоб топмай туриб, иккинчи савол туғилди: бу ўйинчоқлар  болалар овунчоғими ё мактаб  битирувчиларига аталганми ёки бошқалар учунми?!

– Ҳозир ҳаммасига кетаверади, – деди сотувчи ҳозиржавоблик билан.

Муаллимлардан бири мавзу доирасида куюниб мулоҳаза айтаркан: «Бу ҳали ҳаммаси эмас, ўтган йили «сўнгги қўнғироқда» битирувчилар даврага қўл ушлашиб кириб келишди. Қизларнинг  бўяниши, кийган кўйлаклари, соч турмагини кўриб лол қолдим. Давра атрофида ёпинчиқли аёллар – оналар  туришибди. Юз-кўзларида қувонч, орада ёш бола катталигидек «айиқ»ни кўтариб олганлари ҳам бор эди. Таассуф?!

«Айиқ» масаласидаги  мулоҳазаларга қайтсак. Нега бугун айрим ота-она ва битирувчиларнинг «ишқи» айнан «айиқ»қа тушиб қолдийкин?!

Одатда айиқ эртакларда асосан лақма, гўл, дангаса, жоҳил, қўпол  йиртқич сифатида талқин этилади. Аслида ҳам шундай. Шарқда «Маънолар отаси» (Абулмаоний)  номини олган  жамиятшунос, табиатшунос, файласуф  ва мутафаккир уламо сифатида танилган Мирзо Абдулқодир Бедил ҳазратлари  ўз рубоийларидан бирида нодон, жаҳолатга мойил кимсаларнинг феъл-атворини-ю хатти-ҳаракатларини  айиқлар рақсига қиёслаб, уларни танқид остига оладилар.

 Умуман, миллийлигимиз нуқтаи назаридан айиқ ҳақида бирон бир рамзий аломат, ижобий тушунча борми?

Муҳаммад Тақлисийнинг «Комил ут-таъбир» номли   таъбирномасида   тушда айиқ кўришнинг таъбири баён  қилинган: «Ибн Сирин раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Тушдаги айиқ (хирс)  пасткаш ва аҳмоқ душман бўлади. Айиқ устида ўтирганини кўрса, душман устидан ғалаба қозонади. Айиқ гўштини еяётганини ва терисини олганини кўрса, унга қандайдир хавф етади».

Хулоса шуки, «айиқ» бошқа ўйинчоқлар қатори ёш болалар учун овунчоқдир. Аммо мустақил ҳаёт бўсағасида турган, беғубор ва жамият тараққиёти йўлида катта марраларни кўзланган орзулар уммонидаги мактаб битирувчисига «айиқ» ҳадя қилиниши – шарқона маънавиятга мутлақо зидлиги очиқ-ойдин маълум бўлди. Буларга китоб беринг, илм даргоҳи сари руҳлантирингки, етук мутахассислар бўлиб етишсин ва юрт равнақида ўз ўрнига эга бўлсин! Ватанимиз тараққиётига эътирофли ҳисса қўшсинлар!

Муҳиддин МАҒЗУМОВ.

 

Энг кўп ўқилганлар

Календарь