Қисқа сатрларда

Янгиқўрғон волейболчилари: халқаро майдон сари қадам

«Буюклар ҳақида 100 та далил» китоби нашр этилди

Юлдуз Юлдашева: «Мен учун вақтнинг қиймати баланд»

Синовларда синалган Умида

Бу йил Наманганда 48 мингга яқин абитуриент синовдан ўтади

03 August, 2025, 05:54

Жамият

Юлдуз Юлдашева: «Мен учун вақтнинг қиймати баланд»

  • 16.Июля.2025
  • 36

Наманган Давлат университетида матбуот котиби бўлиб, ишлаб юрган кезларим.

Ўшанда вилоятдаги олий таълим муассасаларида матбуот анжуманлари деярли ташкил этилмасди. Вилоятдаги ОАВ вакиллари, айниқса, ёшларни унчалик танимас эдим.

Бироз қўрқув ва ҳадик билан лойиҳа тайёрлаб, ректор Собитхон Турғуновга олиб кирдим.

Катта тайёргарлик билан анжуман ташкил этилди. Кўплаб ОАВ вакиллари, журналист ва блогерлар иштирок этди. Ўзи ёш, лекин жуда дадил,  Юлдуз Юлдашева кескир саволлари билан эътиборимни тортди. Сўзларидаги чўрткесарликдан ҳайратландим. Ўзига хос ва аниқ жавоб бериш керак бўлган саволларни йўллади.

Анжуман яхши ташкил этилганлиги ҳақида ҳам алоҳида  тўхталиб, мухбирларга интервью берди. Тадбир тугагандан сўнг:

«Матбуот котиби бўлиб ишламайсизми? Журналист экансиз! Сиздан яхши матбуот котиби чиқади» – дея суҳбатимиз давомида сўраганимда: «Йўқ!» деган жавобни айтганди.

Буни  кейинги фаолиятимда кўп-кўп ёдга олдим. Инсон тақдири ҳақида ўзи билмайди. Қаҳрамонимиз айнан матбуот котиби сифатида ўз қирраларини намоён этиб келмоқда. Демак, ўзи инкор этсада: «Пешонага ёзилгани бўлади!»

* * *

Юлдуз Юлдашева 1988 йили Тўрақўрғон туманида таваллуд топган. Наманган давлат университетини 2010 йил тугатган. Ўзбекистон  миллий университетини 2012 йилда тамомлаган. Касби журналист. Дастлаб фаолиятини Наманган вилояти «Ҳилқат» телерадиокомпаниясида бошлаган.

– Айнан шу жой мен учун катта мактаб бўлди. Бу ерда очиқлик, шаффофлик, ёшлар фикр-мулоҳазаларини тинглаш, таҳлил этиш умуман олганда, эркин фикр ва ижодий муҳит бор эди. Турли мавзудаги мақолалар, ижтимоий тармоқларга контент ва видеороликлар  тайёрлардик, – деди қаҳрамонимиз.

Ҳар бир касб жамиятга нимадир беради. Масалан, ўқитувчи ўз билими билан келажакка пойдевор қўяди. Унинг дунёқараши, билими вақт ўтиб ўзи ўқитган ўқувчиларда намоён бўлади. Шифокор – инсонлар саломатлигига масъул!

Журналист эса жамиятнинг барча жабҳасида ўрни борлиги ҳақиқат! Унинг сўзи, дунёқараши жамият ҳаётида катта аҳамиятга эга!

Юлдуз Юлдашевада ҳақ сўзни айтиш ривожланган. Фақат уни баъзан қандайдир қоғозларга ўрамасдан узатиш хислати бор! Буни ўзи ҳам тан олади.  «Опажон, мен шундайман-да!» – дея яна сўрашиб кетаверади.

Ёшларнинг бундай хислатлари кўп ҳолларда атрофдигилар ёки раҳбарлар томонидан тўғри қабул қилинмайди. Араз, тушунмаслик, хафа бўлиш, ҳолатлари учрайди. Менимча, бундай фазилатни ҳам қадрлаш керак, – деб ўйлайман. Чунки, улар ташаббускор янгиликни қадрловчи, ўз устида  тинмай ишлай оладиган, муваффақият сари дадил қадам ташлайдиган бўладилар.

Қаҳрамонимиз ана шундай ёшлар сирасига киради. Изланувчан ва интилувчан. Ўз касбини севади. У 2016 йилда Наманган вилояти «Ҳилқат телерадио» компаниясининг «Ҳилқат ифтихори» мукофотига сазовор бўлган. 2021-2022 йилларда эса  «Энг улуғ, энг азиз» анъанавий республика кўрик-танловининг вилоят босқичида икки йил кетма-кет ғолиблар сафидан ўрин олган. 2021 йилда «Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги» эсдалик кўкрак нишони билан тақдирланган.

2023 йилда Гуллар фестивалини ёритишдаги энг фаол ижодкор сифатида мукофотланган. 2025 йилда ҳам ана шундай фаоллар қаторидан ўрин олди.  Шунингдек, у фаолияти мобайнида 200 дан ортиқ ташаккурнома ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган. Унинг меҳнатсеварлиги, ижодий фаоллиги ва жамоат ишларидаги фидойилиги кенг эътироф этилади.

Янги Наманган тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари сифатидаги фаолияти алоҳида эътирофга лойиқ.

У фаолияти орқали жамиятдаги ижтимоий, сиёсий ва маданий ўзгаришларни ёритишга ва бу ўзгаришларга кўмаклашишга интилади. Турли форумлар, семинарлар ва конференциялар иштирокчиси.

Туманда яшаётган аёллар ҳақидаги видеороликлар тайёрлаш бўйича ўзининг янги ғояларига эга. Ўзгача ёндашув роликларда яққол кўзга ташланади.  Ҳунарманд ва тадбиркор хотин-қизлар шу ташаббуслари билан янада куч беради. 

Бир йил давомида тайёрлаган ижтимоий тармоқлардаги постлари ўртача олганимизда, етти мингтани ташкил этади. Бу эса уни доим сергак, ҳушёр бўлаётганидан дарак. Етмишга яқин лавҳалари мавжуд.

Шу билан бирга жамиятимиздаги ижтимоий масалаларга танқидий ёндашувга эга. Баъзан қайсарлик қилиши ёки «Тили бироз ўткирлигидан» ниманидир гапириб юбориши мумкин! Аммо танқидий фикр айтаётганда, амалдаги қонунларни ҳурмат қилган ҳолда ҳаракат қилади. Журналистик нуқтаи назар билан фикр юритади.

Ижтимоий тармоқларда ўзининг алоҳида саҳифаларига эга. Уларда айрим ҳолларда оилавий ҳаётига оид лавҳаларни бериб бориши ўз фарзандларига меҳрибон она эканлигини ҳам намоён этади. Уч фарзандни турмуш ўртоғи Шукурбек Қаҳҳоров билан тарбиялаб, вояга етказмоқда.

– Оила – аёл учун муқаддас маскан. Фарзандлар тарбиясида эса онанинг ўрни катта. Мен фарзандларимизни эркин, ўқимишли, ватанга муҳаббатли бўлиб вояга етишларини орзу қиламан! Ва бор кучимни улар таълим-тарбиясига қаратаман. Ҳокимликда матбуот котиби бўлиб ишлаш осон эмас. Туман ахборот сиёсатини юритиш зиммамиздаги вазифа. Турли топшириқларни вақтида бажариш билан бирга баъзан иш соатидан кейин танқидлар кўриниб қолади. Эндигина уйга келганимизда, кимдирнинг «Танқидий пост» жойлаштириши қанча машаққат эканлигини ҳамкасбларим жуда яхши биладилар. Вақтида жавоб қайтариш муҳим. Тезкорлик эса давр талаби.

Аммо аввало турмуш ўртоқ ва онаман! Шу сабаб оиладаги бурч ва вазифаларимга жиддий қарайман. Бу оиламизда шаклланган. Дадам Илёсхон Юлдашев узоқ йиллар давомида ҳуқуқ-тартибот органида ишлаганлар. Оилада етти нафар фарзандмиз. Беш нафари қиз. Биз доим сергак ва ўз вазифамизга талабчанмиз. Онам Каримахон Эшмирзаева бу фазилатларни ўргатганлар. Ёлғон сўзлар айтилмасди. Ҳақ гапни айтиш кераклиги эса  дадамдан ўтган. Шундан бўлса керак, фаолиятимда бу хислатим тез-тез намоён бўлиб туради. Фарзандларимга меҳрибонман. Улар учун ҳар қандай вазиятда вақт ажратаман. Қайнонам Муқаддасхон Абдуллаевадан кўп нарсаларни ўргандим. Бошқа нарсаларни ҳаётнинг ўзи тушунтириб беряпти.

Айрим одамларнинг ортиқча сўзларига аҳамият қаратавермайман. Мақсадим – бахтли яшаш. Уни ҳис қилиш. Инсон қилаётган ишини севса, ўзи ардоқланса ҳар қандай тўсиқларни енгиб ўтаверади. Вақтдан унумли фойдаланиш мен учун муҳимдир, – дейди қаҳрамонимиз суҳбатимиз сўнгида.

Чиндан ҳам ҳаёт инсонга бир маротаба берилади. Уни майда нарсаларга сарфлаш вақтни осонгина сотиш демакдир. Унинг эса қиймати баланд!

Зеро, инсон ҳаёт олдида кичик бир зарра. Бироқ у амалга ошираётган ишлари билан қалблардан жой эгаллайди. Буни ёшликдан ҳис қила олаётган қаҳрамонимиз, вилоят ОАВ ҳамда матбуот котиблари орасида ўз сўзи ва ўрнига эга бўлган Юлдуз Юлдашева жамият ва оила олдидаги бурчларини янада шарафли бажаришига тилакдошмиз!

Шоира ТЎХТАБОЕВА,

журналист.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь